Ахборот – бозорда сотилаетган буюмдай..

Бу сухбат роппа роса саккиз йил аввал бўлган. У пайтдан буён жуда куп нарсалар ўзгарди.  Лекин бир нарса абадий, Хуршид ака билан бир замонда яшаётганимиздан хар доим фахрланаман. Улар учун хам анча аввалги жавоблар бугун кизикарли туюлишига умид боғлаб қоламан..

Интервьюнинг тўлиқ (ҳатто газетада чоп этилганидан ҳам тўлиқрок) матни қўйида келтирилади.

h2kr7sgv-1354243722

27 июнь – Ўзбекистонда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бу кунни юртимиз журналистлари ўзгача ҳаяжон, баъзида қарама-қарши, баъзида таърифлаш қийин бўлган ҳиссиётлар билан кутишади. Ёш журналистлар учун бу сана кўпинча ўзларининг тажрибали ва маълум маънода буюк ҳамкасблари билан узоқ кутилган учрашувлар, қимматли суҳбатлар билан қадрлидир.

Шундай учрашувлардан бири ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси сифатида фолият олиб бораётган, ардоқли адиб ва журналист Хуршид ДЎСТМУҲАММАД билан бўлди.

– Хуршид Набиевич, бугунги миллий матбуотимизга қандай баҳо берган бўлур эдингиз?
– Афсуски, “аъло” баҳо беролмайман. Шу билан бирга мутлақо қониқарсиз деган фикрдан ҳам йироқман. Ўзбек миллий журналистикаси ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Журналистикамиз, демак матбуотимиз бир жойда тўхтаб қолгани йўқ.
Муҳими, ўзбек матбуоти бозорида изланиш, рақобат майдонига қад ростлаб чиқишнинг ҳуқуқий асослари яратилди, марҳамат, бозор – ҳалолидан эплаганники!

– 27 июнь ўзбек журналистикаси учун муҳим сана. Шу сана арафасида бир йил давомида бу соҳада қилинган ишларни сарҳисоб қилиш мумкинми?

– Биргина қонунчилик соҳасини оладиган бўлсак, бу йил давомида жиддий ишлар қилинди. Қонунчилик палатаси фаолият бошлаганига бир ярим йил бўлган бўлса, шу қисқа муддат ичида бевосита бизнинг соҳамизга тааълуқли бўлган 6та янги қонун биринчи ўқишда қабул қилинди. Булар янги ва қайта ишланган қонунлар. Масалан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун “таҳририят”, “муассис”, “журналист” – буларнинг барчаси аниқлик киритилган. Бу натижалар ОАВ соҳаси янги сифат босқичига кўтаради.

– Шу ўринда бир савол берсам. Цензура расман ман этилганидан сўнг, бу “ваколат” муассисларга ўтгани ҳеч кимга сир эмас…

– Мен бу фикрга қўшилмаган бўлардим. Бу “цензура ваколати” эмас, бу “жавобгарлик ваколати”. Аввал ҳаммаси учун “ижрочи”, яъни таҳририят жавоб берарди. Энди эса муассис – яъни “эгаси” жавоб берадиган бўлди. Бу аҳир табиий эмасми? Бу жаҳон мезонларига ҳам тўғри келади. Таҳририят ва муассис ўзаро шартнома белгилаб, фаолиятининг аниқ чегараларини беглилаб олади. Тўлаган, мусиқага ҳам буюртма беради, деган гап бор-ку. Буюртма берган мусиқа учун эса у ўз масъулиятини ҳис қилиши керак. Буларни биз қонун нормасига киритдик.

– Оммавий ахборот воситалари соҳаси тижорат асосига ўтганда газетхон (тингловчи, томошабин) ортидан қувиш матбуот сифатига таъсир қилиши мумкин. Бу жараён сизнингча мамлакатимизда қандай кечмоқда?

– Тўғри, газетхон (тингловчи, томошабин ҳам шу жумладан) талаш замонда яшаяпмиз. Ана шу талашув бир томондан аҳолини, иккинчи томондан оммавий ахборот воситаларининг ўзини бир-биридан кескин фарқланадиган “табақа”ларга ажратиб юборади. Ва бу жуда оддий ҳол деб қаралади ҳам. Дунё ахборот майдонида ахборот – бамисоли бозорда сотилаётган буюмга ўхшатилади. Бозорда энг катта муаммо буюмни ишлаб чиқариш эмас, уни сотиш, яъни харидорини топиш!

Соҳамизга йўядиган бўлсак, ҳозир газета ё журнал таъсис этиб уни тайёрлаш унчалик қийин бўлмай қолди, лекин ишлаб чиқарган маҳсулотингга харидор борми? Мингта, ўн мингта, юз мингта мухлиснинг бошини қовуштира оласанми? Муаммонинг каттаси шу ерда! Афсуски, бу муаммо бошқа бир янаям жиддийроқ муаммони етаклаб юради. Бозорни эгаллайман деб касбимизнинг туб моҳиятидаги ўлмас қадриятни, қалам сеҳрининг боқий жозибасини унутишни зинҳор оқлаб бўлмайди!
Демак, журналистларимиз олдида кўндаланг турган жиддий вазифалардан бири – меъёр ва мувозанатни унутмаслик! Ана шу мувозанатни топган оммавий ахборот воситасининг, журналистнинг иши ўнг келаверади деб ўйлайман.

– Ҳозиргача ҳам журналистларни чинакам маънода бирлаштира оладиган бирлашма йўқлигига нима сабаб деб ўйлайсиз?
– Нега йўқ бўлади, бор. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси, Ўзбекистон мустақил босма нашрлар ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий фонди, Миллий матбуот маркази, Журналист кадрларни қайта тайёрлаш халқаро маркази… Яна керакми?

Гап ташкилот ёки уюшмаларнинг кўп-озлигида эмас, ҳамкасбларимизнинг уюшган-уюшмаганлигида. Байрам баҳонасида суҳбатлашаётган бўлсак-да, кўнгилни хижил қилиб келадиган бир таънани айтгим келяпти: журналистларимиз орасида ижодий муҳит яратиш иштиёқи жуда суст. Юқорида номлари тилга олинган уюшмаларнинг эшиги очиқ, марҳамат, у ерларда турли йиғилишлар, муҳокамалар, мунозаралар, бадиий кечалар ва ҳоказолар ташкил этиш мумкин. Назаримда, ижодий муҳит яратиш малакаси, маданияти ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керакка ўхшаяпти.

Биз негадир журналистлар учун ўтадиган тадбирлар деганда, улар албатта хашаматли заллар, концерт дастурлари билан ташкил этилиши керакдай тасаввур қиламиз. Лекин булар қайдай бўлиши журналистларнинг ўзига боғлиқ. Масалан, Россияда Марказий журналистлар уйи бор, у ерда доим журналистлар кўп бўлади, кимдир шаҳмат уйнаши, кимдир шунчаки гаплашиб ўтириши, кимдир янги суратга олинган кўрсатувини олиб келиб, ҳаммага кўрсатиши мумкин. Энг муҳими бу ерда очик ва бафуржа фикр алмашуви бўлади. Бу ерда айтилган гапларнинг ҳаммаси эртага газетада чикиши шарт эмас, лекин журналистлар ўзаро фикрлар билан ўртоқлашиши муҳимдир.

Бизнинг бугунги журналистикамизга ҳам айнан мана шундай ШАХСИЙ ФИКР етишмайди. Ахборотчилар бор, лекин шарҳловчилар йўқ. Чунки шарҳлаш учун инсон ўзининг мустақил фикрига эга бўлиши лозим.
– Сизнинг таълим соҳасида ҳам тажрибангиз борлигини биламиз. Журналистика факультетларида тайёрланаётган ёш кадрларга муносабатингиз қандай? Улар қандай авлод бўлиши мумкин?
– Улар келгусида қандай авлод бўлишини башорат қилишдан йироқман. Лекин ҳозирги бўлажак журналистлар, масалан, ўзимиз ўқиган пайтлардаги бўлажак журналистлардан кескин фарқланади. Биринчи навбатда, талабалар орасида яхши маънодаги шошилиш бор. Яъни, олий ўқув юртини битирар-битирмас бош муҳаррир бўлгиси келади, телеэкран қаҳрамонига айлангиси келади, паспортига хорижий диёрлар рухсатномаси – виза муҳри урилишини орзу қилади.

Бундай кайфиятдаги йигит-қизларнинг бирортасини айбламайман, Илоҳим, улар кўнглига тугиб қўйган орзусига эришсинлар, лекин бундай орзуларга етишиш кимларга насиб этади? Ўқиган, изланган, касбимизнинг машаққатини зиммасига олганларгагина насиб этади. Осон йўл на мансаб-мартаба йўлида, на-да, ижодий маҳорат йўлида бирор бир кимсага шон-шараф келтирганини ҳали кўрганим, учратганим йўқ.

Яна бир мулоҳаза шуки, ёш бўлажак журналистларимиз орасида ҳам мақтовга ўчлик касали урчаётган кўринади. Маъқулласанг, юқори баҳо берсанг – хўп-хўп, хиёл мулоҳаза билдира бошласанг борми, хай-хай, хайр-хўш ҳам насия бўлади. Тасаввур қилинг, 23-25 ёшдаги журналист ҳозирдан танқидни кўтаролмаса, ҳозирдан бировнинг эътирозини очиқ чеҳра билан қабул қила билмаса, қандай қилиб у залворли журналист бўлиб етишади? Ахир, мақтов (айниқса, сохта олқиш) ижоднинг кушандаси-ку!.. Шу тахлит улғайган журналист эртага на ўзининг, на ижодининг, на ўзи ишлаётган таҳририятнинг шаънига билдирилган холис мулоҳазани ҳам кўтаролмайдиган бўлиб қолади. Бу хусусий қусур миллий журналистикамиз иллатига айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
Соғлом ижодий муҳит бор жойда худди мана шундай нуқсон ва қусурларга ўрин қолмайди.

– Нима учун кўплаб журналистика талабалари соҳаси бўйича ишлашни истиқболи борлигига ишонмайди?

– Авваламбор, биз ўзимиз касбимиз нуфузини йўқолишига йўл қўйиб қўйганмиз. Ўзимизни ўзимиз танқид қилиб, журналист саводсиз, жасоратсиз, деб касб нуфузи пасайишига сабабчи бўлганмиз. Шу билан бирга ижтимоий муаммолар, журналист сўзининг залвори, матбуот чинаккам “тўртинчи ҳокимият” бўла олмаётгани, ўткир муаммоларни кўтариб чиқишдан қочиш каби омиллар ҳам бор. Минг афсуски, бугунги кунда баъзи журналистика талабалари ўқиб туриб, “журналист бўлмайман” дейди. Бу, аҳир, фожеа эмасми?

Энг муҳими бугунги кунда “идеал” бўла оладиган журналистларимиз кам. Ёшлар эса ҳар доим интилиши учун идеални кўра олиши керак. Айнан идеал соҳа нуфузини белгилайди. Идеал бўлса, шунда соҳанинг обрўси бўлади.
Айни пайтда, бизнинг касбимиз мураккаб касб, ўзига муттасил эътибор талаб қиладиган касб. Йиллар давомида ўзига эътибор талаб қилади. Шу борада айбни ўзимиздан излашимиз керак. Ўзимизнинг қадримизга ўзимиз етсак, кейин бировлар қадримизга етиши мумкин.

– Биз кўпинча ўзбек журналистикасини танқид қиламиз, лекин унинг фаҳрланса арзийдиган хусусиятлари ҳам борми?
– Вазминлик, босиқлик, ортиқча сенсация кетидан қувмаслик – булар фазилат ҳисобланади. Булар ИНСОНИЙЛИК нуқтаи назаридан фазилат ҳисобланади. Лекин касб нуқтаи назаридан, у қадар ҳам фазилат ҳисобланмайди…

– Ҳамкасбларга байрам тилакларингиз?
– Ҳамкасбларимиз юқорида баён этган мулоҳазаларимнинг барини байрам табриги сифатида қабул қилишларини истар эдим. Уларга қўшимча тарзда айтиш мумкин бўлса, мен миллий журналистикамизнинг кўпчилик ҳамкасбларимизга, қолаверса кенг оммага намуна, ибрат бўларли даражаларга кўтарилган вакиллари етишиб чиқишларини жуда-жуда истар эдим.
Журналист жамиятнинг етук шахси ҳисобланади, зеро у ўз зиммасида, қаламининг учида даврнинг, халқининг ва ватаннининг бутун ташвиш-муаммоларини кўтариб юради. Маҳорати етук ҳамкасбларимиз тимсолида журналистиканинг обрў-эътибори ортади, соҳамизнинг жамиятдаги муносиб ўрнига муносиб баҳо берилади. Байрамона истагим шу.

Суҳбат оҳирида Хуршид акани ОАВлариннг ўзига хос рейтингини белгилаб беришни сўрадик.
Демак, Хуршид Дўстмуҳаммад учун энг яхши газеталар қайси:
– Катта бичимдаги нашрлар орасида биринчи ўринда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, кейин “Ҳуррият” ва “Моҳият” газеталари.
Энг яхши радио:
– Афсуски радио унча кўп эшитмайман. Лекин биринчи ўринга “Машъал” каналини кўйган бўлардим, унда “тинчлик берадиган” мусиқа узатилиши учун. Ва ундан кейинги ўринг “Ёшлар” канали.
– Энг яхши телекўрсатув:
1.“Ҳаёт давом этади”
2. “Ракурс”
3. “Оила тилсими”

16/06/2006

Advertisements
This entry was posted in Uncategorized. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s